Жорий йилнинг 16 сентябрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабида пресс тур ташкил этилди, бу ҳақида Finance.uz муҳбири Шохисломбек Шаробиддинов хабар бермоқда. Мактабда ташкил этилган Пресс-тур мобайнида оммавий ахборот воситалари вакиллари мактабда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, йўлга қўйилган тўгараклар фаолияти, мактаб Президентлигига ўтказилган сайловлар натижалари, "Star" маркет лойиҳаси, мактаб музейи ва телескопи билан танишиш имкониятига эга бўлишди ҳамда ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.
Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб бугунги кунда 200 ўқувчи ўрни ва 150 ўринли турар жойига эга бўлиб, математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга мўлжалланган. Мактабда таълим олаётган 188 нафар ўқувчига инновацион усулларда дарс ўтиш мақсадида аэрокосмик технологиялар хонаси ташкил этилиб, замонавий VR BOX, HOLOMAX, QBOX ускуналари ўрнатилган. Мактаб биносининг том қисмида ўматилган Телескопда ўқувчилар осмон жисмларини кузатишлари мумкин, Робототехника, ёш физиклар, математиклар, астроном ва информатиклар то гараклари ҳам ташкил этилган.
Мактабни жорий ўқув йилида тамомлаган 29 нафар битирувчи 100% лик натижа кўрсатиб, барчаси маҳаллий ҳамда хорижий ОТМларнинг талабаларига айланишди. Улар хорижий ОТМларнинг умумий ҳисобда 6 млн 141 минг 700 АҚШ доллари миқдоридаги халқаро грантларига эга бўлишди. Битирувчиларнинг 23 нафари халқаро IELTS сертификатини қўлга киритган, мактабнинг 2 нафар битирувчиси "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендияси соҳибига айланиб, АҚШнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олиш учун жўнаб кетишган.
Астрономия фанининг келгусидаги ривожланиши учун малакали кадрларни тайёрлаш самарадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларнинг астрономия ва аэронавтика фаолияти соҳасидаги миллий ва умумжаҳон илм-фанининг янги ютуқларини ўрганиш ва ўзлаштиришга бўлган интилишини ривожлантириш, ёшларни аэронавтика, математика физика, информатика фанлари, техника асосларини эгаллашлари учун шарт-шароит яратиш мазкур мактабни ташкил этишнинг асосив мақсади ҳисобланади.
Шохисломбек Шаробиддинов